Бел, думба ва оёққа тарқаладиган оғриқлар кўпинча тўғридан-тўғри бел чурраси (грижа) билан боғланади. Бироқ, кўплаб беморларда оғриқнинг асл манбаи кўздан қочирилади ва нотўғри ташхислар туфайли одамлар кераксиз муолажаларга дуч келишади.
Мутахассис сифатида шуни таъкидламоқчиманки, айниқса узоқ вақт ўтирганда кучаядиган ва ўриндан тураётганда безовта қиладиган оғриқлар халқ тилида «думғаза оғриғи» ёки тиббиётда «кокцидиния» деб аталадиган муаммога ишора қилиши мумкин.
«Ҳар бир бел ва оёқ оғриғи бел чурраси эмас» Думғаза соҳасидаги муаммолар фақат ўша жойнинг ўзида оғриқ бермайди. Оғриқ белга, думбага ва ҳатто оёққа ҳам тарқалиши, баъзида эса увишиш ҳиссини ҳам келтириб чиқариши мумкин. Бел чурраси (грижа) билан ўхшаш белгилар кузатилгани учун кўплаб беморларга нотўғри «бел чурраси» ташхиси қўйилади. Бу ҳолат беморларнинг йиллар давомида самарасиз даволанишига ва кераксиз аралашувларга сабаб бўлади.
Жароҳатлар йиллар ўтиб ҳам ўзини кўрсатиши мумкин Думғаза оғриқларининг энг кенг тарқалган сабаблари:
• Йиқилишлар;
• Автоҳалокатлар;
• Туғуруқ пайтидаги жароҳатлар;
• Узоқ вақт компьютер қаршисида ўтириш;
• Такрорланувчи майда жароҳатлар.
Йиллар олдин содир бўлган оддий йиқилиш ёки зарба ҳам вақт ўтиб сурункали оғриққа айланиши мумкин. Айниқса, қаттиқ жойда ўтира олмаслик, узоқ ўтиргандан кейин оғриқнинг кучайиши ва думғаза соҳасидаги сезувчанлик — кокцидиниянинг энг аниқ белгиларидир.
Оғриқни босиш етарли эмас: Бутун танани даволаш шарт Думғаза оғриқларини даволашда фақат оғриётган нуқтага эътибор қаратиш етарли эмас. Муолажа жараёнида чаноқ тузилиши, мушаклар, пайлар ва асаб тизимини биргаликда текшириш лозим. Бизнинг мақсадимиз — шунчаки дори билан оғриқни вақтинча босиш эмас, балки оғриққа сабаб бўлаётган механик ва функционал муаммоларни бутунлай бартараф этишдир.
Қўлланиладиган замонавий усуллар:
• Мануал терапия: Қўл ёрдамида муолажа қилиш;
• Нейротерапия ва Пролотерапия: Асаб ва боғловчи тўқималарни тиклаш;
• Нуқтали инексиялар: Тўғридан-тўғри оғриқ манбасига таъсир қилиш;
• Миёфасял бўшаштириш: Мушакларни енгиллаштириш;
• Машқлар ва ўтириш одатларини тўғрилаш: Бемор учун махсус ишлаб чиқилган дастур.
Думғаза оғриқлари инсоннинг кундалик ҳаракатини чеклаб, ҳаёт сифатини тушириб юборади. Агар сизда узоқ давом этаётган оғриқлар бўлса, уни асло эътиборсиз қолдирманг. Тўғри баҳолаш ва мос келадиган даволаш режаси билан жуда яхши натижаларга эришиш мумкин.
Файзуллахон Нематуллаевич Шукуров Ортопед-травматолог ва вертебролог




