Skip to main content

Бел чурраси билан бир хил белгиларга эга бўлган думғаза оғриқлари бел, думба ва оёқларга тарқалиб, инсоннинг ҳаёт сифатини пасайтириб юбориши мумкин. Айниқса, ўтирганда кучаядиган оғриқлар умуман бошқа касалликдан дарак бериши мумкин.
Бел ва оёқ оғриқлари кўпинча тўғридан-тўғри «бел чурраси» (грижа) деб баҳоланади. Бироқ, мутахассис Файзуллахон Нематуллаевич Шукуров бундай белгилар аслида думғаза муаммоларида ҳам учрашини ва беморларга нотўғри ташхис қўйилиб қолиш хавфи борлигини таъкидлайди.
Грижа билан адаштириш осон Файзуллахон Нематуллаевич Шукуровнинг айтишича, думғазадан келиб чиқадиган оғриқлар фақат ўша жойнинг ўзида сезилмайди.
Оғриқ:
• Бел қисмига;
• Думбага;
• Оёққа тарқалиши мумкин.
Баъзи беморларда ҳатто увишиш ҳисси ҳам кузатилади. Шу сабабли кўпчилик беморлар ўзларига нотўғри «бел чурраси» ташхисини қўйишади.
Йиллар ўтиб ҳам пайдо бўлиши мумкин Думғаза оғриқларининг энг асосий сабаблари қуйидагилар:
Йиқилишлар (айниқса, думғаза билан қаттиқ ерга тушиш);
• Автоҳалокатлар;
• Туғуруқ пайтидаги жароҳатлар;
• Узоқ вақт компьютер қаршисида ўтириш;
• Мунтазам такрорланувчи кичик жароҳатлар.
Мутахассиснинг таъкидлашича, йиллар олдин бўлиб ўтган оддий йиқилиш ёки зарба ҳам вақт ўтиб сурункали оғриққа айланиши мумкин.
Агар сизда шу белгилар бўлса, сергак тортинг! Думғаза оғриғининг ўзига хос типик белгилари бор:
• Узоқ ўтирганда оғриқнинг кучайиши;
• Қаттиқ жойда (стул, ер) умуман ўтира олмаслик;
• Ўтирган жойдан ўриндан тураётганда қийналиш;
• Думғаза соҳасида таъсирчанлик (тегинса оғриши);
• Ўтирганда оғриқнинг яққол ва кучли ортиши.
Нотўғри ташхис — кераксиз даволаниш демакдир Афсуски, баъзи беморлар йиллар давомида мутлақо бошқа ташхислар билан даволанади. Асл муаммо думғазада эканлиги эса жуда кеч маълум бўлади. Бу ҳолат кераксиз дори-дармонлар ичишга, нотўғри муолажаларга ва ҳатто баъзан кераксиз жарроҳлик амалиётларига ҳам олиб келиши мумкин.
Даволашда умумий ёндашув муҳим Файзуллахон Нематуллаевич Шукуров думғаза оғриқларини даволашда фақат оғриётган жойнинг ўзига эътибор қаратиш етарли эмаслигини айтади. Муолажа режасида чаноқ тузилиши, мушаклар тизими, пайлар ва асаб тизими биргаликда текширилиши ва баҳоланиши шарт.
Қандай усуллар қўлланилади? Ҳозирги кунда ушбу муаммони даволашда қуйидаги замонавий усуллардан фойдаланилмоқда:
• Мануал терапия;
• Нейротерапия ва пролотерапия;
• Тўғридан-тўғри оғриқ нуқтасига қилинадиган уколлар (блокадалар);
• Мушакларни бўшаштирувчи усуллар;
• Бемор учун махсус ишлаб чиқилган жисмоний машқлар;
• Тўғри ўтириш ва қоматни тутиш одатларини тўғрилаш.
Мутахассисдан огоҳлантириш: Думғаза оғриқлари ҳаёт сифатини кескин тушириб юборади. Шунинг учун узоқ муддатли шикоятларни асло эътиборсиз қолдирманг. Тўғри ташхис ва тўғри даволаш режаси билан кўплаб беморларда жуда яхши натижаларга эришиш мумкин.

 

 

 

Яндекс.Метрика