Skip to main content

Бел чурраси — умуртқа поғонаси учун хавфли ва кундалик ҳаётимизни издан чиқарувчи кенг тарқалган муаммо. Мутахассис сифатида шуни таъкидламоқчиманки, бел чурраси аниқланган ҳар бир беморни ҳам операция қилиш шарт эмас.
Замонавий тиббиётда жарроҳликсиз даволаш усуллари жуда ривожланган. Беморларимиз операциясиз ҳам соғлиғини тиклаб, яна кундалик ишларига қайтишлари мумкин.
Операция қачон керак? Кўп ҳолларда бел чурраси жисмоний машқлар, физиотерапия ва дори-дармонлар билан даволанади. Аммо:
• Оёқларда жиддий кучсизлик;
• Пешоб ёки нажасни тута олмаслик;
• Бошқа муолажалар ёрдам бермаган ўта оғир ҳолатларда жарроҳлик амалиёти шарт бўлади.
«Нуқтали инексия» (эпидурал инексия) — самарали ечим Агар физиотерапия ва дори воситалари фойда бермаса, аммо беморда фалажлик белгилари бўлмаса, биз «нуқтали инексия» (эпидурал инексия) усулини қўллаймиз. Бу халқ тилида «бел чуррасига қарши укол» деб аталади ва беморларимиз учун жуда қулай ҳамда самарали ечим ҳисобланади.

Клиник тажрибамиздан бир мисол: Яқинда бир беморимиз Л4-Л5 умуртқаларида катта чурра билан мурожаат қилди. Энг муҳими, беморда оёқ кучсизлиги йўқ эди, фақат белида чидаб бўлмас оғриқ бор эди. У олдин ҳам турли муолажалар олган, аммо фойдаси бўлмаганди. Биз унга эпидурал инексия муолажасини қўлладик. Натижа жуда аъло бўлди — оғриқлар камайди ва беморимиз операциясиз соғайиб кетди.
Тавсиям: Бел чурраси ташхиси қўйилса, дарҳол операциядан чўчиманг. Аввало, тажрибали шифокор назоратида бўлиб, жарроҳликсиз даволаш имкониятларини тўлиқ синаб кўринг. Тўғри ёндашув билан операциясиз ҳам соғлом ҳаётга қайтиш мумкин!

Файзуллахон Нематуллаевич Шукуров Умуртқа жарроҳи (вертебролог)

 

 

 

 

Яндекс.Метрика